Пахлавон Махмуд макбараси

«Паҳлавон Маҳмуд» мажмуаси Хивадаги меъморий ёдгорлик (1810—1913). Мақбара мажмуасининг умумий ҳажми 50х30 метр бўлиб, дастлаб Паҳлавон Маҳмуд қабри устига 1664 йилда мўжаз синчкори иморат қурилган. Дарвозахона эшигидаги ёзувга кўра, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасининг қурилиш санаси 1701 йилда, Шоҳниёзхон қурдирган вақтдан ҳисобланади. 1825—35 йилларда унинг ўрнида ғиштин тоқу равоқли серҳашам мақбара (17,5х25,5 метр), зиёратхона (9Х9 метр) ва хонақоҳ (4х4 метр) қад кўтарган. Кейинроқ Хива хонлари (Абулғозихон, 1643— 63; Шоҳниёзхон, 1695—1702; Муҳаммад Раҳимхон II, 1807— 26; Темурғозихон, 1857—58 ва бошқалар.) ҳам шу ерга дафн этилган. 1913 йилда уста Қурбонниёз бошчилигида ҳовлининг ғарб томонига икки ошёнли қорихона, қаршисига ўймакори устунли айвон қурилган.

Пахлавон Махмуд макбараси (1)

Мажмуага жануб томондаги дарвозахона орқали кирилади, ичкари саҳнига ғишт терилган. Четида қудуқ, кичик ҳовли қаршисида пештоқли ҳонакоҳ-мақбара, ўнгда айвон, сўлда супа ва қорихона жойлашган. Хонакоҳ пештоғидаги ғиштлар орасида сиркор бандлар боғланган, икки чеккасидаги гулдаста морпеч шаклида. Гумбазнинг нақшин безаклари, асосан, мовий ранг сирли сополлардан терилган. Бино ичкариси нафис безатилган. Унинг изорасидан тортиб гумбазли қуббасигача оқ ва мовий нақшли. Безаклар орасидаги китобага Пахлавон Маҳмуд рубоийлари битилган. Хонақоҳнинг ғарбий эшиги орқали зиёратхонага ўтилади. Унда Паҳлавон Маҳмуднинг сиркор сағанаси жойлашган. Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидаги асосий бинолар Одина Муҳаммад Мурод бошчилигида қурилган. Безакларини Мулла Нурмуҳаммад Қаландар ўғли, Сўфимуҳаммад Абдужаббор ўғли ва Абдуллалар бажарган. Зиёратхона эшиги (1810), ташқари эшик (1894) уста Нурмуҳаммад томонидан ишланган. 1960 йилда уста Рўзимат Машарипов иштирокида қорихона ва айвон таъмир этилган. Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида XIX-аср Хива меъморлиги услуби ёрқин намоён бўлган.

Пахлавон Махмуд макбараси (2)
Манба: www.umid.zn.uz

Author

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*